Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайтирилишини маълум қилди. Шундан кейин РФ мудофаа вазирлиги ҳам Украинадаги нишонлар бўйлаб зарбалар кўлами кенгайтирилишига ваъда берди.
Зеленскийнинг баёноти Reuters агентлигида шанба куни эълон қилинган интервюда янграган. Унинг сўзларига кўра, Украина махсус хизматлари Владимир Путин қиш арафасида Украина бўйлаб зарбалар бериш учун нишонлар доирасини кенгайтиришга буйруқ берганидан далолат қилувчи ҳужжатларни қўлга киритган.
Зеленскийнинг ҳисоблашича, РФ президенти шу тариқа Россия қўшинлари позицияларини йўқотиб, оғир йўқотишларга учраётган бир пайтда «кучини кўрсатиб қўйиш»га қарор иқлган.
«Биз ҳужжатларни кўрдик ва биламизки, улар инфратузилмалар, логистика тугунлари ва айниқса шаҳарлар ва қишлоқларга – ҳамма жойга: кўчалар, мактаблар, шифохоналарга зарба берилишини истисно этмайди. Одамларни пойтахтни тарк этишга, бошқа шаҳарлардан кетишга мажбурлаш – бу операциянинг мақсади шундай», – деган Украина президенти.
Интервюда Зеленский Украина Москванинг тактикани ўзгартиришига жавоб қайтаришини, аммо фуқаролик инфратузилмаларига ёппасига зарба бермаслигини қайд этган.
Уларнинг энергетикамизга ҳужумларига жавобан биз уларнинг энергетикасига зарба беришимиз керак. Биринчи навбатда, нефтни қайта ишлаш заводлари ва шу кабиларга – уларга бу урушни олиб бориш учун пул келтирадиган объектларга. Аммо биз, албатта, уларга ўхшаб дуч келган фуқаролик объектларига зарба бермаймиз.
Якшанба куни РФ мудофаа вазирлигидагилар Зеленскийнинг огоҳлантириши ҳақида «эшитишгани» ва энди «ҳарбий ва ҳарбий-саноат объектлари, шунингдек, улар билан алоқадор бўлган инфратузилмалар»га ҳужумлар кучайтирилишини маълум қилди.
Россия ҳарбий идораси вазият кескинлашуви учун жавобгарликни шахсан Зеленскийга юклаган ва «Украина аҳолиси [Россия зарбалари кучайиши] учун фақат Киев режими раҳбарини айблаши кераклиги»ни таъкидлаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп сентябр ойида икки марта Зеленскийни Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларни тўхтатишга чақирганди – Америка президенти фикрича, бундай зарбалар жаҳон бозорида дизел тақчиллигини келтириб чиқармоқда.
Владимир Путин 1 октябр куни Валдай форумида Россия украинларнинг нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари оқибатида кўрган йўқотишлари ЯИМнинг 1 фоизини ташкил этишини айтди. Шу билан бирга, у бундай зарбалар тўхтатилиши жаҳон бозоридаги ёқилғи билан боғлиқ вазиятга таъсир кўрсатмаслиги, чунки Россия дизели барибир санкциялар туфайли бозорга чиқа олмаслигини қайд этган. Шунинг учун, нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар тўхтатилиши эвазига Украина кемаларига ҳужумларни тўхтатиш ғояси ноўрин ҳисобланади, деган Путин.









