Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасида биринчи Халқаро инвестициявий форуми бўлиб ўтмоқда.

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш, соғлиқни сақлаш соҳаси ва фармацевтика саноатида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, тиббиёт соҳасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва бу соҳада халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган форумда Россия, Хитой, Франция, Греция, Ҳиндистон, Беларусь, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва яқин қўшниларимиз – Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбойжон сингари ўндан зиёд мамлакатлардан хорижий компаниялар ҳамда Ўзбекистон тиббиёт ва фармацевтика саноатининг вакиллари фаол иштирок этишмоқда.

Мазкур форумда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, умумий қиймати 600 миллион АҚШ долларидан зиёд 17та истиқболли сармоявий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда жами 23 миллион АҚШ долларига тенг тўртта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Жумладан, Туркиянинг «Cani Med Health» компанияси сармоядорлари билан биргаликда лаборатория марказини, Ҳиндистоннинг «Pratiksha Hospital Group» компанияси билан ҳамкорликда кўптармоқли марказни ташкил этиш, «Khalifa Bin Zayed AI Nahyan Foundation» араб компанияси кўмагида «Она ва бола» клиникасини қуриш ва жиҳозлаш, Германиянинг KfW банки томонидан эса минтақавий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш каби лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Айни пайтда хорижий сармоядорлар иштирокида нафақат пойтахтда, балки мамлакатнинг барча ҳудудларида 50га яқин йирик хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.

Агар 2018 йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро молия институтлари кўмагида 24 млн АҚШ доллари олтита лойиҳани амалга оширишга сарфланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич бир неча бараварга ошиб, йил охиригача 110 млн АҚШ доллари қийматида саккизта лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган.

Фармацевтика саноатига инвестицияларни йўналтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўтган йилда фармацевтика саноатида қиймати 96 млн АҚШ долларига тенг 34та инвестициявий лойиҳа, шу жумладан, 7та эркин иқтисодий зонада 61 млн АҚШ доллари қийматидаги 8та лойиҳа амалга оширилди. Бундан ташқари, ушбу зоналарда қиймати 169 миллион АҚШ долларига тенг 30 лойиҳани амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда жами 485 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳалари амалга ошириш режалаштирилмоқда.