Бу 10 сентябр куни қабул қилинган «Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2027-2028 ўқув йилидан тиббиёт таълими соҳаси учун бакалавриат йўналишлари бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси параметрлари таълим йўналишлари кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Қабул кўрсаткичлари тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёж асосида шакллантирилади. Бунда ҳудудлар ва тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжи, шунингдек, муайян мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилиги ҳисобга олинади.
Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази эса тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ҳамда келгусидаги эҳтиёжни ўрганиш бўйича асосий ишчи орган этиб белгиланади.
Шунингдек, 2027-2028 ўқув йилидан «даволаш иши» бакалавриат йўналиши негизида 6 йиллик «умумий тиббиёт» бакалавриат йўналиши йўлга қўйилади. Таълим «5+1» шаклида ташкил этилиб, битирувчи курс талабалари бир йил давомида тўлиқ амалиёт ўтайди.
Ҳозирда «даволаш иши» йўналишининг тегишли босқичларида ўқиётган талабалар учун эса таълим жараёни янги мослаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилади.
«Умумий тиббиёт» йўналиши битирувчиларига умумий амалиёт шифокори квалификацияси берилади. Улар белгиланган тартибда оилавий шифокор лавозимида ишлаши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, тиббиёт соҳасидаги барча бакалавриат йўналишларида битирувчи курс талабаларининг тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташи йўлга қўйилади.
Стоматология йўналишидаги талабаларнинг амалий машғулотларини ташкил этиш учун эса тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматология поликлиникалари бириктириб берилади.
















