Бу тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, резидентура дастурларининг давомийлиги мутахассисликлардан келиб чиқиб табақалаштирилади ва улар халқаро стандартлар асосида ташкил этилади.
Резидентурада тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш давлат тиббиёт таълим ташкилотлари ҳамда тиббиёт муассасаларида давлат гранти асосида амалга оширилади.
2026-2027 ўқув йилидан оилавий тиббиёт йўналиши бўйича резидентура ташкил этилади. Ушбу дастурни тамомлаган битирувчиларга оилавий шифокор мутахассислиги берилади.
2027-2028 ўқув йилидан эса тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура тизимига ўтказилади ва клиник ординатурага қабул тўхтатилади.
Шунингдек, тиббиёт йўналишидаги тор соҳа мутахассисликлари бўйича магистратурага умумий давлат буюртмаси асосида қабул параметрлари қисқартирилади. Ординатурага қабулни тўхтатиш ва магистратура қабул параметрларини қисқартириш натижасида бўшайдиган маблағлар резидентурада мутахассислар тайёрлашга йўналтирилади.
Давлат гранти асосида резидентурага қабул қилинган талабаларга давлат бюджети ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,15 баравари миқдорида стипендия тўланади.
Резидентура таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган битирувчиларга Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Миллий малакалар рамкасининг 7-даражасига мос келувчи давлат намунасидаги диплом берилади.
















