Республиканинг турли ҳудудларидан ҳокимият томонидан фермерларга қарашли ерлар олиб қўйилиши масаласида таҳририятга мурожаатлар сони ортмоқда. Бу сафарги мурожаат Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидан. Мурожаатни жойига бориб ўргандик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Истара-иқтидор ривожи» фермер хўжалиги раҳбари Самад Тўрабоев ва «Шахзод Тўрабоев» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Намозовлар бўлиб ўтган воқеаларни шундай сўзлаб берди.
Самад Тўрабоевнинг айтишича, 2018 йилнинг 27 декабрь куни «Янги тараққиёт» ҳудудида фаолият юритаётган бир нечта фермерлар ерлари ҳокимият томонидан олиб қўйилаётгани ҳақида хабар олган. Шу заҳоти тўпланиб, туман ҳокимлигига боришган. Ҳоким қабулида бўлган чоғларида туман ҳокими хавотирга ўрин йўқлиги ва келгуси ҳосилга тайёргарлик ишлари билан банд бўлиши мумкинлигини айтган. Лекин шу куннинг эртасига уларга тегишли ер майдони бошқа бир «Қизириқ парранда LTD» фермер хўжалигига бериб юборилган. Улар бундан 2019 йилнинг 6 январида хабар топишган. Яна туман ҳокимлигига боришган. 2018 йилнинг тўртинчи чорагида ер учун маблағ сарфлагани ва ер уларга зарурлигини айтиб, нега бошқа шахсга бериб юборилганини сўрашган. Лекин тайинли жавоб олишмаган.

«Эътибор берган бўлсангиз, туманимизда катта корхоналар, заводлар йўқ. 633 гектар ерда деярли 1500 га яқин инсон ризқини теради. Янги тузилган фермерлик эса 20 тадан ортиқ ишчи олмайман деб айтди.
Ҳокимнинг фуқароларни қабул қиладиган кунларида бир неча марта бордик. Лекин доим бир гап: «Янги тараққиёт» ҳудудидан фермер бўладиган бўлса, унга ер берилмайди, деб айтади.
Жанжаллардан кейин ер бошқа бир «Қизириқ зарбдор парранда LTD» деган товуқчилик фирмасига ўтди, деб эшитдик. Бировнинг ери бўлганидан кейин киришга иккиланиб турибмиз. Товуқчалик ҳам қадримиз йўқлигига ачиниб кетамиз.
Ерларда ўт ўсиб ётибди. Бу вақтда ҳосилга дори берилиши, суғорилиши керак. Ёввойи ўтлардан тозаланиши зарур. Лекин ҳеч бир иш қилинмаяпти», - деб бўлган воқеаларни тушунтирди «Истара-иқтидор ривожи» фермер хўжалиги раҳбари. Буни бошқа фермерлар ҳам тасдиқлади.


















