«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда бир қатор тезкор тадбирлар ўтказди.

Жумладан, Денов туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда 1 кг 7 грамм опий ва 998 грамм гашиш моддалари аниқланган.

Маълум қилинишича, ушбу шахс аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлиб, аниқланган наркотик моддаларни кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келган.

Денов туманида қайд этилган яна бир ҳолатда 1986 ва 1966 йилларда туғилган икки нафар фуқаро 491 грамм гашишни шартли харидорга 85 млн сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Улар ҳам аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун судлангани айтилмоқда.

Учинчи ҳолат Термиз шаҳрида қайд этилган. 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси «Термиз халқаро савдо маркази» ҳудудида 506 грамм опий моддасини шартли харидорга 2,5 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Тезкор тадбир давомида аниқланишича, гумонланувчи гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширин равишда олиб кириш учун ўз ички органидан «жонли контейнер» сифатида фойдаланган.

Қайд этилган учта ҳолатда жами 3 килограммдан ортиқ опий ва гашиш моддалари муомаладан олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.