Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шўрчи тумани бўлими ходимлари тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Шўрчи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Э.Э. ашёвий далиллар билан ушланган.
Тергов маълумотларига кўра, у тумандаги мактабгача таълим ташкилотларидан бири раҳбари С.Х.га муассасанинг 42 нафар ходими учун санитария сертификатлари олиб беришни ваъда қилган.
Мансабдор ушбу хизмат эвазига 2,1 млн сўмни олаётган вақтда қўлга олингани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси — пора олиш билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

















