Президент Шавкат Мирзиёев маърузаларидан бирида тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлаганди.
«Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади», — деган эди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, президент тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилинади, дея огоҳлантирганди.
Тан олиб айтиш керак, тадбиркорларга бир қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилди, тўсиқ бўлаётган жиҳатлар бартараф этилди, янги имкониятлар эшиклари очилди.
Аммо таҳририятимизга тадбиркорлардан келаётган турли мазмундаги мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳали ҳам тадбиркорлар учун айрим тўсиқлар: муаммоларини ҳал этишда сансалорлик, йиллар давомида идорама-идора югуриш, раҳбарлар эшиги олдида бесамар вақт ўтказиш каби эскитдан қолган салбий жиҳатлар, эскича қарашлар ҳали ҳам мавжуд.
«Kun.uz» сайтига Самарқанд вилояти, Нуробод туманидан келган мурожаат ҳам шу мазмунда. «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ раҳбари Ваҳоб Сагдуллаев ўз мурожаатида катта маблағ эвазига сиҳатгоҳ қурганлиги, унинг фаолиятини бошлашда муаммолар борлиги, айни вақтда тадбиркорлик фаолияти оғир аҳволга келиб қолганлигини қайд этган.
Мазкур мурожаатни жойида ўрганиш учун Нуробод туманидаги Нурбулоқ шаҳарчасида бўлдик. Асли каттақўрғонлик, фаолиятини Нуробод туманида олиб бораётган тадбиркор Ваҳоб Сагдуллаев билан учрашиб, унинг эътирозларини тингладик.

«2017 йил июнь ойида меҳмонхона қуриш учун ер ажратишини сўраб, Нуробод тумани ҳокимлигига мурожаат қилдим. Турли талаблар қўйилди ва орадан олти ой ўтиб, туман ҳокими қарори чиқди. 40 ўринли меҳмонхона қуриш лойиҳаси қиймати 820 млн 277 минг 400 сўм бўлса, шундан бор-йўғи 80 миллион сўмини банкдан кредит олдим. Қолган барча харажатларни ўз ҳисобимдан қилдим. Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунланганидан сўнг, бинонинг орқа томонида 500 метр узоқликдаги шифобахш сув қудуғига уланиш учун туман ҳокимлиги ва бир нечта ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо ечим бўлмади.
Бир йилга яқин сарсонгарчиликлардан сўнг, маъданли сув қудуғидан меҳмонхонага сув бериш мумкин эмаслигини айтишганидан кейин 40 ўринли меҳмонхонани 2019 йил 16 январь куни «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ юридик шахс мақомига ўзгартириб, давлат рўйхатидан қайта ўтказдим. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тегишли лицензияни ҳам олдим. Аммо қурилиши ва жиҳозланиши 2018 йилда якунланган бинони меҳмонхона қилсак ҳам, сиҳатгоҳ қилсак ҳам фаолиятини йўлга қўя олмаяпмиз. Радонли сув қудуғига улаб берилмаяпти. 2019 йил январь ойидан бошлаб, банкдан олган кредит маблағини ҳам тўлай бошладим. Бор топганимизни шу лойиҳага сарфладик. Аммо тўсқинлик туфайли иш бошлай олмаяпмиз. Бор-будимизни сарфлаб, энди «синиш» арафасидамиз. Билмадим, рақобатми бу, аммо бизга етарлича тўсқинликлар бўляпти. Алам қиладигани, бирорта ташкилот бу масалада ёрдам бергани йўқ. Вилоят ва туман ҳокимлари ҳам бу масалани ҳал этиб беролмади. Вилоят раҳбари Э.Турдимов тадбиркорларни қўллаб-қувватлашини эшитиб, у кишининг қабулига ҳам боргандим. Масъул мутасаддига ўрганиш учун топшириқ берди. Аммо топшириқ ўша ернинг ўзида, вилоят раҳбари олдида қолиб кетди. Ҳеч нарса ўзгармади, биров кимсан, нима қиляпсан, деб сўрамади ҳам. Кимдан, қандай ёрдам сўрашни ҳам билмаймиз», – дейди Ваҳоб Сагдуллаев.
























