Самарқандда юк машинасида ёнғин чиқиб, ағдарилиши оқибатида ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 6 август куни соат 16:00 ларда Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобил йўлининг 35-километрида, Самарқанд-Қашқадарё йўналишида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракатдаги MAN русумли юк автомобили кабинасининг салон қисмида тўсатдан ёнғин чиққан.
Ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатишга уринган вақтда бошқарувни йўқотган. Оқибатда юк автомобили йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиққа урилиб, ағдарилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи турли даражадаги оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Нуробод тумани ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







