Бугун, 18 апрель куни Суперлигада 5-тур ўйинлари бошланади. Бу турда мухлислар кўплаб қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўлишади. «Пахтакор» ўз майдонида Самарқанднинг «Динамо» клубини қабул қилади. Амалдаги чемпион «Локомотив» Бухорога сафар қилади. Андижонда янги стадион очилишида «Насаф» меҳмон бўлади.
18 апрель (пайшанба)
«АНДИЖОН» – «НАСАФ»
Бошланиш вақти: 18 апрель, 17:00.
Стадион: Андижон, «Соғлом авлод» стадиони.
«Андижон» ниҳоят ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнайди. Бугун Андижонда майдони янгиланган стадионнинг ўзига хос очилиш маросими бўлиб ўтади. Олдинги турларда мағлуб бўлган «Андижон» ўз майдонида мухлисларини хурсанд қилиш учун жиддий рақиб - «Насаф»ни мағлуб этиши талаб этилади. «Андижон» ўтган турда «Бунёдкор»га қарши ёмон ўйнамади, ўйин охирида устунликка ҳам эга бўлди ва бу жамоа мухлисларига кейинги учрашувлар олдидан умид бағишлаши мумкин.
«Насаф» ўтган турда муваффақиятсизликка учради. Рўзиқул Бердиев жамоаси кутилмаганда ўз майдонида «Навбаҳор»га имкониятни бой берди. «Пахтакор» билан мазмунли ўйиндан сўнг қаршиликлар кейинги баҳсларда яхшироқ ўйнаши кутилганди, бироқ бундай бўлмади. «Насаф» Қаршидаги мағлубият тасодиф бўлганини бошқа бир водий клубини мағлуб этиш орқали исботлашга уриниб кўради.
«ПАХТАКОР» – «ДИНАМО»
Ўйин вақти: 18 апрель, 18:15.
Стадион: Тошкент, «Пахтакор» стадиони.
Шота Арвеладзе Ўзбекистонга келганидан сўнг мағлуб эта олмаган кам сонли жамоаларидан бири «Динамо» ҳисобланади. 2017 йил «Пахтакор» Самарқандга сафар қилиб, 0:0 ўйнаганида Шота Арвеладзе тошкентликлар жамоаси бошқарувида илк марта самарқандликларга қарши ўйнаганди. Ўша мавсумда «Пахтакор» икки ўйинда ҳам «Динамо» дарвозасига гол ура олмаганди.
Мавсумни жуда омадли бошлаган «Динамо» 2017 йилда «Пахтакор»ни сафарда 1:0 ҳисобида мағлуб этгани ёдингизда бўлса керак. Ўшанда самарқандликлар сафида ўйнаган молдавиялик Раду Рогак ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилганди. Бироқ «Пахтакор»дан 4 очко олган «Динамо» юқори дивизионда қолиш учун етарли очко тўплаганига қарамай, ПФЛнинг «қисқартириш операцияси» сабаб қуйи лигага тушириб юборилганди.
Бугун худди шундай тушунарзиз тарзда юқори дивизионга қайтган «Динамо» Даврон Файзиев мураббийлигида икки ўйиндан иборат ғалабали серия билан Тошкентга сафар қилган. Бу ўйинда «Пахтакор»нинг имкониятлари анча юқори, Арвеладзе шогирдлари ўтган турда Термизда қайд этилган дуранг тасодиф эканини исботлаш учун ҳам икки ҳисса яхшироқ ўйнашади.


















