Тез тиббий ёрдам хизмати учун бир йилда республика бўйича 10,5 миллионга яқин чақириқ (ҳар минг нафар аҳолига 350та) қайд этилади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг 10 мингтаси ёлғон чақириқлар бўлади.
Шошилинч тиббий ёрдамга ёлғон чақириқ билан мурожаат қилиш соғлиқни сақлаш тизимида кўп учрайдиган ҳолат, бу хизмат сифатига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади. Ёлғон чақириқлар муаммоси ҳақида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Арслонов маълумот берди.
Ёлғон чақириқ ҳам вақтни, ҳам сифатни ўғирлайди
Тез ёрдамга мурожаатлар таркибини учга ажратиш мумкин: ҳақиқий, ёлғон ва асосланмаган чақириқ.
«Ёлғон чақириқда манзил, телефон рақамлари кўрсатилади, тез тиббий ёрдамга мурожаат учун сабаблар ҳам айтилади. Аммо берилган манзил қидириб борилганда унинг мавжуд эмаслиги ойдинлашади. Тақдим этилган телефон рақамлари билан боғланиб ҳам бўлмайди. Шу атрофда яшайдиганларни куннинг қайси маҳали бўлишидан қатъи назар безовта қилиб, сўраб-суриштириб, бундай манзил ҳақиқатда мавжуд эмаслигини тасдиқлатиб олиш керак бўлади», ─ дейди Илҳом Арслонов.
Мутахассис ёлғон чақириқнинг бир қанча салбий ҳолатларга сабаб бўлишини санаб ўтди. Бундай чақириқдан кейин шифокор доимий хавотирда, тонусда бўлади. «Балки манзил тўғри эди-ю, мен нотўғри қайд этдим, ўзим хато қилганим учун топа олмадим», деган хавотир уни кун бўйи таъқиб қилади ва ўз-ўзидан нормал иш фаолиятини олиб боришига халал беради. Шикоят келиб чиқишидан ташвишланиб юради.
Иккинчидан, ҳақиқатан шошилинч ёрдам зарур бўлган жойга ходимнинг ўз вақтида етиб бора олмаслигига ҳам сабаб бўлади. Агар ёлғон чақириқ билан овора бўлиб қолмаса, бошқа беморнинг олдига вақтлироқ бориб, унга ўз вақтида керакли ёрдамни кўрсата олиши мумкин бўлади.
Учинчидан, ёлғон чақириққа оддий чақириққа қараганда кўпроқ вақт сарфланади. Ҳақиқий бемор учун ярим соат вақт сарфлаш мумкин бўлса, бунга ходимлар бир соатлаб овора бўлиб қолади. Кўрсатилган нотўғри манзилни топиш учун бошқа аҳолини ҳам безовта қилишига тўғри келади. Шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам банд бўлиб қолади.
Асосланмаган чақириқ шифокорни овора қилишдан бошқа нарса эмас
Шифокорнинг баён қилишича, асосланмаган чақириқ деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам тиббиёт ходимининг иш фаолиятига халал беради.















