Шу кунларда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур видеолавҳа ва зиёратгоҳлардаги ширк амаллардан сақланиш борасида ўз муносабатини билдирди. Муносабат идоранинг расмий muslim.uz порталида эълон қилинган.
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёратгоҳлардаги ширк амаллардан сақланиш борасида аниқ кўрсатма ва фатволар эълон қилинган.
Дарҳақиқат, Ислом – тавҳидга асосланган дин. Аллоҳ таолонинг ягоналиги, барча яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтириш имоннинг асосий шарти ҳисобланади.
Мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
Аллоҳ таоло ҳожатни ёлғиз Ўзидан сўраш кераклигини ана шу ва бошқа кўплаб ояти карималарида очиқ-ойдин маълум қилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг меросхўрлари бўлган уламолар инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Афсуски, кўп йиллардан бери айрим кишилар билимсизлиги дейсизми, жоҳиллиги сабаб бўлибми, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амалларни қилиб келмоқдалар.
Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).
Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир.
















