Шри-Ланкада 21 апрель куни содир этилган давомли терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 290 нафарни ташкил қилмоқда. Яна 500 нафарга яқин киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган. Қурбонларнинг аксари католик черковлардаги портлашлар оқибатида ҳалок бўлди - якшанба куни христианлар ибодатхоналарида Пасха байрамини нишонлашаётганди.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ бу хунрезликлар учун масъулиятни зиммасига олмади. Бу терактлар мамлакатда маҳаллий радикаллар томонидан мусулмонларга оммавий ҳужумлар кузатилганидан роппа-роса бир йил ўтиб рўй берди. «Медуза» нашри аҳолисининг асосий қисми буддизмга эътиқод қиладиган бу орол давлатдаги терактлар қандай диний зиддиятлар маҳсули экани ҳақидаги саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Шри-Ланкада бунча черков қаердан пайдо бўлган? Бу ерда шунчалик кўп христианлар яшайдими?
Аҳолиси сони 22 миллион бўлган бу давлатдаги католик христианлар улуши 7 фоиз атрофида (2 миллион киши). Аммо оролда ўнлаб католик черковлари мавжуд. Бу қатлам асосан оролга 1505 йилда келган португал истилочиларининг авлодлари ҳисобланади. Аввалига улар маҳаллий сингал қироли рухсати билан Коломбо шаҳри ҳудудида савдо пости ва католиклар ибодатхонаси қуришган. Аммо бир неча ўн йиллар ўтиб европаликлар оролнинг ғарбий ва шимолий қисмини эгаллаб олишган, Шри-Ланка эса португалияликларнинг Ҳинд ва Тинч океани бўйлаб барпо этган савдо империясидаги муҳим базага айланган, католик миссионерлар оролнинг қирғоқ ҳудудлари бўйлаб христиан динини тарғиб қилишган, португаллар оролдаги барча йирик шаҳарларда ибодатхоналар қуришган.
17 аср ўрталарида, португал-нидерланд урушидан кейин Шри-Ланка Нидерландия қироллиги ихтиёрига ўтади ва ҳолландлар оролда христианликнинг протестант оқимини тарғиб қилишни бошлайди (асосан тоғли ҳудудлардаги чой плантациялари бўйлаб). Айни вақтда оролда 200 минг нафардан ортиқ протестантлар истиқомат қилишади.
Бу терактларни кимлар уюштирган бўлиши мумкин?
Ҳозирча бу терактлар учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Аммо ҳукумат бу ҳужумларда диний экстремистлардан гумон қилмоқда ва гумондорлар қўлга олиниши бошланган. «Медуза» томонидан Шри-Ланка аҳолиси вакиллари орасида ўтказилган сўровга кўра, оролликлар бу ҳужумлар ИШИД тарафдори бўлган радикал мусулмонлар томонидан уюштирилганини муҳокама қилмоқда. Агар бу версия ўз исботини топса, оролда диний зиддиятларнинг янги тўлқини авж олиши мумкин.

















