Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди блогер Сирожиддин Одиловни (“Сирожиддин медиа” МЧЖ раҳбари) товламачилик ва фирибгарлик жиноятларида айбли деб топди.

Суднинг 5 октябр кунги ҳукми билан, Одилов бир нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодекси 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 2 нафар фуқарога нисбатан 168-моддаси 3-қисми "б,в" бандлари (хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиззах вилояти судлари хабарида айтилишича, суд муҳокамаси давомида Сирожиддин Одилов фуқаро Д.Шамсиевнинг 12 млн сўм пулини товламачилик, Г.Жуманиёзованинг 30 млн сўм, Р.Худойназарованинг 33 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани тўлиқ исботланган ва Одилов томонидан жами 75 млн сўм етказилган зарар қопланган.

“Алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур жиноят иши юритуви давомида С.Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон бир айблов қўйилмаган. С.Одиловнинг ҳаракатлари юзасидан айблов у томонидан бошқа фуқароларнинг мулки фирибгарлик ва товламачилик ёʻли билан қўлга киритилганлиги билан боғлиқ.

Биринчи инстанция судининг ҳукмига фақат юқори инстанцияда процессуал тартибда баҳо берилади”, – дейилади Жиззах вилояти судлари ахборотида.