Индонезиянинг Суматра оролида сув тошқини ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони кескин ошиб, 442 кишига етди, дея хабар бермоқда расмийлар. Якшанба куни эрталаб жами қурбонлар сони 300 кишига баҳоланганди.
Оролда эвакуация ишлари давом этмоқда, асосий йўллар ёпилган, интернет ва электр энергияси фақат қисман тикланган.
Тропик бўронларни кучайтирган муссон шамоллари Жануби-Шарқий Осиёда сўнгги йиллардаги энг кучли сув тошқинларини келтириб чиқарди. Малайзия ва Таиландда юзлаб одамлар ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди, бутун минтақа бўйлаб миллионлаб одамлар жабрланди.
Таиландда ҳалок бўлганларнинг расмий сони ҳозирда 170 кишини ташкил қилмоқда, Малайзия шимолидаги Перлис штатида ҳам яна икки киши ҳалок бўлган.
Шри-Ланкада сув тошқинлари ва кўчкиларни юзага келтирган экстремал об-ҳаво шароити туфайли 160 га яқин одам ҳалок бўлди.

«Сеняр» тропик циклони Индонезияда ҳалокатли кўчкилар ва сув тошқинларини келтириб чиқарди, натижада уйлар ювилиб, минглаб бинолар сув остида қолди.
«Оқим жуда тез эди, бир неча сония ичида сув кўчаларга етиб келди ва уйларга кирди», - деди BBC билан суҳбатда Индонезиянинг Ачех Арини провинциясида яшовчи Амалия исмли аёл.
У ва бувиси эҳтиёт чораси сифатида тепаликда жойлашган қариндошларининг уйига кетишган. Кейинги куни нарсаларни олиб кетиш учун қайтиб келганида, уйни бутунлай сув босгани устидан чиққан.
Ёмон об-ҳаво қутқарув операцияларини қийинлаштирмоқда ва ўн минглаб одамлар эвакуация қилинган бўлса-да, юзлаб одамлар ҳали ҳам хавф остида, деб хабар берди Индонезия фавқулодда вазиятлар агентлиги.
Энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлаётган Тапанулида аҳоли озиқ-овқат излаб дўконларни талон-торож қилган.
Аҳоли қутқарув хизматларининг тезроқ ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларини таъминлаш учун мамлакат расмийларидан Суматрани миллий офат зонаси деб эълон қилишни талаб қилмоқда.










