Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилиш мавзусида олий даражадаги сиёсий мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Унга молиявий ислоҳотлар ва мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания, Латвия ва Корея Республикаси каби етакчи мамлакатларнинг мутахассис ва экспертлари, халқаро молия тузилма вакиллари таклиф этилди.



Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, тадбирда бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида муҳим ўзгариш ва янгиланишлар бўлаётгани, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, тиббиёт ривожида янги даврни бошлаб бергани таъкидланди.
Чунки унга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув ва молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳудудларда «кластер» моделини шакллантириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мулоқот давомида ушбу Концепциядан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилишнинг асосий кўринишларидан бири давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича «ҳар бир даволанган ҳолат» учун тўлаш тизими ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш ишлари бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.











