Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё аҳолисининг деярли ярми энг керакли тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олинмаган. 800 миллиондан ортиқ аҳоли ёхуд дунё аҳолисининг 12 фоизи даромадларининг камида 10 фоизини соғлиқни сақлаш харажатларига сарфлашади.

Технологик тараққиёт тиббиётдаги оғриқли масалаларни ҳал қилаётган бўлса-да, кўплаб давлатларда қашшоқлик аҳоли саломатлиги даражаси кўтарилишига йўл қўймаяпти. Натижада, очлик ва носоғлом яшаш тарзи миллионлаб одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда. Хўш, муаммони бартараф этиш йўллари борми?

Энг оптимал ечимлардан бири мажбурий тиббий суғуртани жорий қилишдир. Бунда молиявий бақувват бўлмаган аҳолининг барча қатлами ҳам тўлиқ тиббий хизмат билан қамраб олинади. Аммо саноқли ривожланган давлатларгина ушбу суғурта турини амалиётга муваффақиятли киритган. Чунки тизимни йўлга қўйиш учун тиббиёт бутун мамлакат бўйлаб бир хил даражада ривожланган бўлиши талаб этилади, бундан ташқари бир қанча иқтисодий-ижтимоий омиллар тиббий суғуртани амалиётга таништиришга халақит қилади.

Тиббий суғурта шундай имкониятки, у нафақат аҳоли саломатлигини кафолатлайди, балки тиббиётдаги оғриқли масалалар (тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси, коррупция, бюрократизм, навбатда туриш, кадрлар тақчиллиги ва бошқалар) ни ҳам ижобий томонга ўзгартиролади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг барчаси 2030 йилга бориб умумий мажбурий суғурта (универсал тиббий қамров)ни жорий этишни мақсад қилиб қўйишган. Ўзбекистонда-чи? Мажбурий тиббий суғуртани амалиётга киритиш мумкинми? Бу борада қандай ишларни қилиш керак? Халқаро тажрибада бу ўзини қанчалик оқлаган?

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Ҳамдам Отажонов ушбу масала юзасидан ўз фикрини Kun.uz'га маълум қилди.

Тиббий суғуртанинг мақсади нима?

Тиббий суғурта соҳасида дунё амалиётида асосан икки турдаги тиббий суғурта: ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғурта амал қилади. Сўнгги йилларда тиббий хизмат нархлари қимматлашиб кетаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатда аҳолининг заиф қатламларида юқори малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш учун моддий имконият бўлмай қолиши мумкин. Мажбурий тиббий суғуртанинг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан мана шу муаммони бартараф этган ҳолда, тиббий хизматлардан фойдаланишда барчага бир хил имконият яратиб беришдир. Мажбурий тиббий суғурта жорий этилиши тиббий хизмат сифатини ошишига олиб келиб, ўз навбатида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини тўлақонли амалга ошириш имконини беради. Содда қилиб айтганда, фуқаро соғлиғи ёмонлашиб қолган ҳолларда тиббий хизматлар учун бирданига катта миқдордаги маблағни тўлай олмаслик хавфини олдини олиш учун мажбурий тиббий суғуртадан фойдаланилади.