Каталонлар муддатидан аввал Испания чемпионлигини нишонлашди. Бунинг асосий сабабчиси кимлар бўлди?
Бир жамоа чемпионати
Испанияда кўп йиллардан бери асосий соврин учун рақобат фақат икки жамоа - «Барселона» ва «Реал» ўртасида кечиши, қолган жамоалар биринчи ўринни мақсад қилишмаслиги танқид остига олиб келинарди. Диего Симеоненинг «Атлетико»си пайдо бўлганидан кейин танқидчиларнинг овози бироз ўчди - «матрасчилар» 2014 йилда икки грандни ҳам ортда қолдириб, чемпион бўлганди ва ўшандан бери бу жамоа ҳам биринчи ўрин учун курашадиган бўлди.
Испания футболига фақат сўнгги йилларда қизиқа бошлаган футбол мухлиси бундай мунозаралардан ҳайрон бўлиши табиий. «Қанақасига икки ёки уч жамоа рақобат қиладиган чемпионат? Битта, фақат битта!», дейди ундайлар. «Барселона» кейинги 11 йил ичида 8 бор олтин медалларни кўксига таққан (Агар кейинги 15 йил, яъни Месси ушбу жамоанинг асосий таркибида ўйнай бошлаганидан буён ҳисобланса 10 бор чемпионлик).
Кўк-анорранглилар шанба куни «Леванте»ни енгиш орқали ўз тарихидаги 26-чемпионликни нишонлашди. Каталонларнинг бундай муваффақиятида кимлар айбдор?
Рақобатчиларнинг эрта таслим бўлиши
Аввало қайд этиш керакки, каталонияликларнинг олтинига «Реал» ва «Атлетико» ҳаммуаллифлик қилишди. Кўк-анорранглиларнинг асосий рақиби «Барса» бу мавсумда ҳеч қандай рақобатни ҳис қилмаслиги учун барча ишни қилишди. Мавсумдаги шармандали муваффақиятсизликдан (ЕЧЛ нимчорак финалида «Аякс»га йирик мағлубият, ички чемпионат ва Испания Кубогида «Барса»дан мағлубиятлар) ва олти ой ичида икки мураббий истеъфосидан (Хулен Лопетеги ва Сантьяго Солари) кейин Флорентино Перес бу мавсумни «қурбон» қилиб, жамоани қайта қуришга киришди. Мадридликларнинг қўшниси эса ўтган йил ёзида асосий ҳужумчиси Антуан Гризманни таркибда сақлаб қолишга эришган бўлсада, барқарорликни йўқотди ва медал учун тўғридан-тўғри рақибларга қарши ўйинларда ғалабага эриша олмади («Реал» билан 0:0 ва 1:3, «Барселона» билан 1:1 ва 0:2). Қолаверса, жамоага бу мавсумда голлар етишмади - Ла Лиганинг 35 туридан кейин атиги 52та гол, Вальверде жамоасида эса 86та.
«Қироллик клуби» 2018-19 йилги мавсумни алам билан эслаб қолади, бу мавсумдаги класиколарда улар умумий ҳисобда 2:10га ютқазишди (+0=1-3). Каталонлар эса класиколардаги ғалабалар сони бўйича илк марта олдинга ўтиб кетди (96:95).
Майдонда ёлғиз Лео

«Леванте»га қарши ўйиндаги ғалаба голи бу ўйинни захирада бошлаган Лео томонидан урилишида рамзий маъно бор. Аргентиналик бу футболчи ҳамма мавсумларда ҳам кўк-анорранглиларнинг асосий футболчиси бўлиб келган, аммо бу сафар чиндан ҳам унинг ёлғиз ўзи жамоани елкасида кўтариб юрмоқда. Асосий чорловсиз - Италияни забт этиш учун йўл олган Криштиану Роналдусиз чемпионатда ҳам унда мотивация йўқолмади, у Европада энг яхши тўпурар сифатида қолмоқда - 34 гол ва 15 голли узатма. Голлар сони бўйича ҳам, узатмалар сони бўйича ҳам яққол пешқадам. У бу мавсумда «Олтин тўп» учун асосий даъвогар (ЕЧЛ натижаси барчасини ҳал қилади).
















