Газ – ҳажми чекланган, қайта тикланмайдиган, яқин келажакда стратегик аҳамият касб этиши аён бўлиб қолган энергия манбаси бўлмиш хом ашё турларидан бири. Уни тўғри тасарруф этиш мамлакатимиз эртасини белгилаши мумкин. Бу ҳақда бироз сўз юритамиз.
Аввало «тўғри тасарруф» нима экани ҳақида.
Табиий бойликлар тасарруфи
Табиий бойликлар ҳар қандай мамлакат учун қўшимча имтиёздир. Яъни, ер ости бойликлари кўп бўлган, «омади чопган» ҳар қандай давлат устунликка – бошқаларга нисбатан ривожланишда устунликка эга бўлади. Зеро, ер ости бойликлари ҳар қандай ривожланаётган давлат учун қўшимча кўмак ва ўзига хос трамплин вазифасини ўташи мумкин. Аммо бу ерда бир шарт бор – табиий бойликлардан унумли фойдаланиш лозим.
Табиий бойликни тасарруф этишнинг энг осон йўли – уни хом ашё сифатида сотиш. Бу эса уни энг арзон нархда сотиш дегани. Аммо арзон бўлса-да, сотиладиган хом ашёнинг ҳажми катта бўлса бу ҳам ривожланаётган давлат иқтисодиётига сезиларли кирим бўлади, турли катта-ю кичик лойиҳаларни амалга оширишга сармоя бўлади. Аммо бу ерда ҳам «аммо»лар бор...
Табиий бойликларини сотувчи ривожланаётган давлатнинг маъмурий тизими коррупциялашган, бюрократлашган бўлса, иқтисодиётда бозор иқтисодиёти механизмлари ўрнини маъмурий-буйруқбозлик тизими эгаллаган бўлса, лойиҳаларга ажратиладиган маблағларнинг катта қисми ҳавога кетади. Тўғри шаклланмаган маъмурий тизимнинг хусусияти ўзи шу – маблағлар талон-тарож бўлади. Яъни, шундоғам арзон нархда сотилаётган табиий бойликлардан келадиган даромад самарасиз истифода этилади. Алал-оқибат захиралар бир кун келиб тугаб битади ва мамлакат «тешик тоғора» олдида қолади. Бунга табиий бойликларини катта миқдорда экспорт қилаётган, аммо узоқ йиллар давомида иқтисодий ўсиши паст бўлиб келаётган давлатларни мисол қилиш мумкин.
Табиий бойликларга «ўтириб қолиш»
Юқорида айтганимиздек, баъзи давлатлар айнан табиий ресурсларини хом ашё сифатида кўп миқдорда сотиши натижасида ривожланмай қолганини кузатамиз. Ва, аксинча, табиий ресурсларга деярли эга бўлмаган баъзи давлатларнинг иқтисодиёти жадал ўсганига гувоҳ бўламиз. Кишини таажжублантирувчи бундай тафсилотнинг сабаби нимада?
Биламизки, мўмай – меҳнатсиз топилган маблағ – ҳар қандай иқтисодиёт учун хавфли маблағ. Хоҳ у давлат иқтисодиёти бўлсин, хоҳ корхона ёки оила иқтисоди – мўмай даромаднинг ўта салбий жиҳатлари мавжуд:
- Бундай даромад ҳеч бир ривожланиш концепциясининг, лўнда қилиб айтганда, режаларнинг, уринишларнинг натижаси ва узвий қисми бўлмайди ва шу сабаб унинг тасарруфи ножўя бўлади. Ножўя тасарруф эса тартибсизлик, ялтоқилик, текинхўрлик, ҳафсаласизлик ва яна кўплаб салбий иллатларни урчитади, тадбир кўриб иш қилиш қобилиятини ўлдиради ва алал-оқибат самарасизликка олиб келади.
















