Жамият | 11:20 / 02.05.2019
32758
5 дақиқада ўқилади

Охиратини ўйламайдиганларнинг навбатдаги қилмиши. Яна бир хайрияга йиғилган маблағлар ўғирланди

Бир неча кун илгари сайтимизда бошқа одамларнинг сўзларига ишонувчан оиладан виждонсизларча пул ўмарилгани ҳақида хабар қилинган эди. Kun.uz ижодий гуруҳи Наманган вилоятига сафар давомида худди шундай муаммога дуч келган яна бир оила билан учрашди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Биз бир неча жойга хайрия мақсадида илтимос қилиб чиқдик. Оммавий ахборот воситаларида лавҳалар тайёрланди. Фарзандимнинг жигари хаста. Ўзим ҳам қандли диабет касалига чалинганман. Бу болам боқувчим эди. Ўғлимнинг номида пластик карталаримиз бор эди. Биттаси нафақаси учун, бошқасини хайрия учун очилган. Бир сўмига ҳам тегинмасдан, боласига ҳам озуқаларини олмасдан йиғиб келаётган эдик. Ҳамма пулларимизни ечиб олишди», дейди беморнинг онаси Муқаддасхон Деҳқонова.

«Бир одам бизга телеграм орқали чиқиб, «телефонимизга жўнатилган кодни айтсак, бизга катта миқдорда пул ўтказиши»ни айтди. Унинг гапларига ишонибмиз. Аввалига 100 минг сўм туширди. «Хўжайинлар келса яна туширишади», деди. Ярим соатлардан сўнг картадаги ҳамма сумма ечиб олинди.

Шунчалик ҳам бераҳм бўладими одам? Ҳатто, пенсия пулларимни ҳам ечиб олишди. Мурожаат қилиб Наманган вилоят прокуратурасига бордик. Ишни Наманган шаҳарга ўтказишди. Тезлик билан иш ҳал қилинишига ёрдам беришларини айтишди», дейди Шерзод Султонов.

Ҳам йўқчилик, ҳам хасталик бошига тушган ушбу оила энди бу синовга йўлиққан. Бу хонадондан чиқиб, Наманган шаҳри прокурорининг катта ёрдамчиси Хуршид Райимбердиев билан қўнғироқлашдик.

«Тез орада охирига етамиз. Пуллар фақат бу оиладан ечиб олинмаган. Яна бир оққонга чалинган беморга хайрия қилинаётган оиладан ҳам 36 миллион сўм ўғирланган. Зудлик билан чора кўришга кўрсатма бердик. Шаҳар прокурори ҳам назоратга олган», дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Инсонийликдан йироқ бу ишларни кўриб, бундай ишларга кимнинг қўли бораётганини тушунолмай ҳам қолдик. Ахир, ёш қиз ўлим арафасида қолгани, икки инсон дард билан олишаётганини ўша «инсон қиёфасидаги махлуқлар» кўрмаяптими экан? Шундай оғир кунларда бошига ташвиш тушган хасталарнинг қарғишлари уриши наҳот уларнинг хаёлига келмаса?

Ўша шахсларга беморнинг онаси айтган гапни келтириб ўтамиз: «Икки оёқда тик юрганингизга шукр қилмайсизми? Бу ҳам ғанимат бўлиши мумкин-ку?».

Шу ўринда, яна бир бор огоҳлантириб ўтишни жоиз деб билдик. Пластик карта ва чўнтагингиздаги пулга ҳушёр бўлинг. Кимдир сизга картангизга пул тушириб беришини айтиб рақам сўраса, шошма-шошарлик билан бериб юборманг. Карта рақами ёки бошқа маълумотларни ошкор қилиш орқали сиз одам қиёфасидаги махлуқларга картангизга кириш ва маблағларингизни ўмариб кетиш имконини яратиб бермоқдасиз.

Маблағингизни ечиб олишлари пул ўтказиш тизимларидаги камчиликдан эмас, ўзингизнинг соддалигингиздан бўлиб қолмасин. Халқимизда бир гап бор: «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма». Айни кунларда авж олаётган жиноятлар қурбони бўлиб қолманг!!!

Ушбу жиноят иши юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тез кунларда суриштирув натижалари ҳақида сайтимизда хабар бериб ўтамиз.

Баҳодир Аҳмедов – мухбир
Муҳаммаджон Ғаниев - тасвирчи


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид