10:59 / 02.05.2019
11695

ЕЧЛда Мессидан гол ўтказган клублар сони 32тага етди. Лео фақат бир футболчидан ортда қолмоқда

Фото: AFP/Getty Images

«Барселона» сардори, ЕЧЛда инглиз клублари дарвозасига энг кўп гол урган футболчи ҳисобланувчи Лионель Месси мусобақа ярим финалининг «Ливерпуль»га қарши илк ўйинида (3:0) дубль қайд этди. У бунга қадар бирор марта «қизиллар» дарвозасини ишғол этмаганди.

Натижада «Ливерпуль» Чемпионлар лигасида Мессидан гол ўтказган 32-жамоага айланди. Бу борада Лео «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдуга тенглашиб олди. Улар «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси, клуб футболидаги энг нуфузли турнирда 33та рақиб дарвозасига тўп киритган Рауль Гонсалесдан ортда қолишмоқда.

Қайд этиш керак, 31 ёшли аргентиналик еврокубокларда АПЛ жамоаларига қарши 33та ўйин ўтказиб, 26та гол муаллифи бўлган.

Мессидан энг кўп гол ўтказган инглиз клуби – «Арсенал»дир. Лео «тўпчилар» дарвозасига 9 марта аниқ тўп йўллаган. Шунингдек, «Манчестер Сити» 6, «Манчестер Юнайтед» 4 марта «Барса» сардоридан гол қабул қилган бўлса, «Челси» ундан 3та, «Тоттенҳэм» эса 2та гол ўтказган. Кеча бу рўйхатга «Ливерпуль» ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, 10-рақам эгаси «Камп Ноу»даги кечаги баҳсда «Барселона» либосидаги юбилей 600-голини урди. 

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top