Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда трендга чиққан, рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги таклифлар ортидан бошланган мунозараларга қўшилиб, ўз муносабатини билдирди.

Тил – миллий қадриятларни бирлаштириб, туташтириб, намоён этиб турувчи энг мустаҳкам занжир, бой ва чексиз маънавий хазина. 

Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси, мансуб-хослик омили бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда.

Турли даражадаги ижтимоий муносабатлар, халқаро алоқалар, фан-техника тараққиёти, глобаллашиш жараёнлари миллий тил қиёфасига ҳам муайян даражада ўз таъсирини ўтказмоқда, ички ва ташқи таҳдидлар хавфини оширмоқда. Шулардан бири яқин кунлар оралиғида муносабат-мунозара майдонини эгаллаб, кенг жамоатчиликнинг танқид-у эътирозига учраётган «рус тилини иккинчи расмий давлат тили сифатида эълон қилиш» ташаббусини илгари сурган айрим «зиёлилар»га ҳам тегишлидир.

Мамлакатда ўзбек тили расмий давлат мақомига эга ягона тил сифатида Конституция ва қонунлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилганлигига ҳам эътибор қаратмасдан, иккинчи тилни расман тан олиш жамиятни иккига бўлиш, миллат ажратишга олиб келишини, турли кўринишдаги норозиликлар содир бўлишини инобатга ҳам олмасдан бундай кўр-кўрона таклифни илгари суриш талаб қилинаётган иккинчи тилни, шу тил вакилларини ўз миллий тили, миллий қадриятлари, миллий ҳамиятидан устун қўйиш, устувор кўришни англатади. Амалдаги давлат тилига нисбатан беписандлик, ҳурматсизликни кўрсатади. Ушбу ўринсиз ва асоссиз вайронкор ғояни бугун барча миллатсевар, ватанпарвар жамоатчилик, маърифат аҳли кескин қоралаб, ўз миллий тилига, ўзбек тилининг асрий ва азалий мақом-мартабасига муҳаббат-эҳтиромини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали турли кўринишларда намойиш қилмоқда. Албатта, ўзлигини қадрлаган, ўз миллатига дахлдорлигини ҳис қилган, миллий ғурур ва ифтихорини юқори тутган ҳар бир фуқаро бундай йўл тутиши табиий. Ушбу муаммо сабаб, бугун жамиятнинг амалдаги расмий давлат тили бўлган ўзбек тилига муносабати яна бир элакдан ўтмоқда, синовларда тобланмоқда ва қатъийлашмоқда.

Шу ўринда, рус тилига расмий мақом бериш тарафдорларининг «йўлбошчилари» илму фан, санъат соҳасининг илғор вакиллари эканлиги янада ҳайратли эмасми?, деган ҳақли савол туғилди. Дарҳақиқат, инсон ҳар қанча билим эгалламасин, иқтидорли бўлмасин, шон-шуҳрат қозониб, мансаб поғоналаридан кўтарилмасин, унинг қалбида ўз миллий қадриятларига нисбатан эҳтиром-эъзоз бўлмаса, маънавий-маърифий улуғворлик этагидан тутмаса, бир кун келиб оқсаши, қоқилиши, йиқилиши, миллият тақдири, жамият тараққиётига хавф туғдириши ҳам турган гап.