Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарори билан республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Маълумки, республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликларида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.

Қарорга биноан, мазкур маслаҳатчилар фаолиятини эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан бошқаради. Маслаҳатчилар тегишли ташкилот раҳбари томонидан Департамент билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Маслаҳатчиларнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили, географик объектлар ва маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўлади. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, давлат идораларидаги ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги назорат қилинади.

Қарор билан давлат тилига оид қонунчилик талабларига риоя этилиши учун давлат органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг масъул ва шахсий жавобгар экани ҳам белгиланган.

Шунингдек, давлат тилида иш юритиш самарадорлигини оширишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотларида навбатма-навбат танлов асосида мониторинг ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.