Жаҳон | 08:15 / 06.05.2019
70580
2 дақиқада ўқилади

Шереметьево аэропортидаги авиаҳалокат 41 кишининг умрига зомин бўлди

Фото: РИА Новости

“Аэрофлот” компаниясининг Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти билан Шереметьево аэропортида юз берган ҳалокат оқибатида 41 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси вакили Елена Марковская маълум қилди.

Аввалроқ 13 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. 

Фото: ТАСС

Марковская журналистларнинг қанча одам ҳалок бўлгани ҳақидаги саволларига “41 киши” дея жавоб қилган. 

Маълум қилинишича, самолёт бортида бўлган 78 кишидан 37 киши, жумладан 33 йўловчи ва экипажнинг 4 аъзоси омон қолган. 6 киши шифохонага етказилган, улардан 3 нафари оғир аҳволда.  

Москвадан Мурманскка йўналаётган самолёт 5 май куни парвозни бошлагандан 28 дақиқа ўтиб Шереметьево аэропортига фавқулодда қайтиб, кескин қўнишни амалга оширган. Самолёт мураккаб об-ҳаво шароити туфайли иккинчи уринишдан кейингина қўна олган. Самолёт қўнганда унинг стойкалари синиб, двигателлари ёна бошлаган. 

Ушбу фожиа юзасидан жиноий иш қўзғатилган ҳамда уни тергов қилиш бўйича давлат комиссияси тузилган.

Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис ҳалок бўлганлар хотирасига вилоятда 3 кунлик мотам эълон қилди.

Мавзуга оид