Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатишни таклиф қилди. Вазирликка кўра, Ўзбекистоннинг бир неча фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай бир нечта жиноят содир этган, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар қайд этилган.

Вазирлик бу масалани 29 сентябр куни ҳукумат йиғилишида кўриб чиқишни таклиф қилган.

“Ўзбекистон фуқароларининг Латвияга келганидан қисқа вақт ўтиб бир нечта жиноят содир этгани, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар қайд этилган вазиятда биз чора кўришимиз керак. Шунинг учун Ўзбекистон фуқароларига визалар беришни маълум муддатга тўхтатишни ва бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланишни таклиф қиляпмиз”, – деди Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳамкорликдан мақсад – Латвияга жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахслар кириб келишининг олдини олишдан иборат.

Вазирликнинг маълум қилишича, чеклов амал қилган даврда Латвиянинг масъул идоралари Ўзбекистон томони билан шахсларни текшириш жараёнларини такомиллаштириш ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг мамлакатга кириб келиш хавфини камайтириш бўйича ҳамкорлик қилиши режалаштирилган.

Бироқ 29 сентябр куни Латвия ҳукумати коалициясидаги ҳамкорлар бу масалани ҳукумат йиғилиши кун тартибига киритишга тайёр бўлмаган. Ички ишлар вазирлиги таклиф кейинги ҳукумат йиғилишида кўриб чиқилишига умид қилмоқда.

Шу тариқа, ҳозирча Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.