Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактаблари давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган махсус таълим (ақли заиф ва руҳий ривожланишда орқада қолган болалар учун) талабларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг умумий ўрта таълим олишини ва билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш мақсадида ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим олиш бепул амалга оширилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билим олинишини таъминлаш, уларнинг билим олиш эҳтиёжини қондириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароит яратиб бериш;

ўқувчиларнинг умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган (ақли заиф ва рухий ривожланишда орқада қолган болалар учун) махсус таълим талабларига мувофиқ билим олишларини таъминлаш;

таълим бериш жараёнида ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимояловчи дарс жадвалига риоя этилишини таъминлаш.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблар тиббий кўрсатмаларга кўра, даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда 30 кун ва ундан ортиқ давр мобайнида даволанаётган мактаб ёшидаги болалар учун ташкил этилади.

Ўқувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг буйруғи билан даволаш-профилактика муассасалари яқинидаги умумий ўрта таълим мактабларига бириктирилади ва даволаш-профилактика муассасалари қошида ўрнатилган тартибда умумий ўрта таълим мактаблари ташкил этилади.