«Ўзбекистон овози» газетаси мамлакат мустақиллигининг дастлабки йилларидаги мураккаб воқеалар, зиддиятли ҳолатларнинг гувоҳи бўлган, собиқ ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов билан суҳбат уюштирди

Зокиржон Алматов суҳбат давомида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга алоқадор баъзи маълумотларни ошкор қилди.

«Юртдошларимизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этилган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди.

Бир мисолни айтай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида совет ҳукумати раҳбариятига мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Айнан шу мисолнинг ўзи ҳам у кишининг ватанпарварлиги, жасоратини кўрсатиб турибди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир умр Ислом дини ҳақиқатларини фидойи бўлиб тарғиб этиб келган, бу мавзуда кўплаб китоблар ёзган, юксак маънавиятли инсон эдилар. Бундай маърифатпарвар, дили пок зот хотираси олдида фақат ҳақиқатни айтиш лозим, албатта. Асоссиз, айниқса, ёлғон аралашган гап-сўзлар у кишининг руҳини безовта қилади, деб ўйлайман.

Яна такрор айтаман: бу улуғ зот нафақат ғоят маърифатли, айни чоғда журъатли инсон бўлган. 1990-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси сифатида минтақада мусулмонларнинг бирдамлигини сақлаш, турли фитна ва гуруҳбозликлар келиб чиқишининг олдини олишда ўткир зеҳн, жасорат билан хизмат қилганлар.

1991-1993 йилларда мамлакатда оғир вазият юзага келган эди. Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ғаламислар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ҳукуматга қарши қўйишга интилиб, турли тартибсизликларни ташкил қилишга уриндилар. «Адолатчилар», «Ислом лашкарлари» деган тўдаларни тузишга ҳаракатлар бўлди. Чаласавод, жоҳил кимсалар тўпланиб олиб, жиноятчиликка қарши курашяпмиз, деган ниқоб билан одамларни ўзлари «суд» қилиб, жисмоний жазо қўллаш ҳолатларини содир этишди. Ана шу қийин вазиятларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳудудларга шахсан ўзлари бориб, аҳоли билан гаплашиб, вазиятни ўнглаш, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш масаласида жуда катта ишларни амалга оширганлар. Шу инсоннинг бевосита ҳаракатлари билан кўп ғалаёнларнинг олди олинди. У кишининг Ислом оламидаги катта обрўси, мамлакатда тинчлик осойишталик ўрнатишдаги беқиёс хизматлари юксак эътирофга лойиқдир.