Москвадаги ВДНХ кўргазмаси павильонларидан бири Ўзбекистонга муддатсиз фойдаланиш учун берилади, деб маълум қилди Россия маданият вазири Владимир Мединский Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг V форумида. Бу галги форум Тошкентда ўтказилмоқда. Тадбирда 32 мамлакатдан 450 нафар делегат қатнашмоқда.

Владимир Мединский

"Бу президентимиз Владимир Путиннинг ўзига хос рамзий ҳаракати ҳисобланади – ушбу павильон мамлакатнинг энг яхши муваффақиятларини намойиш этиш учун Ўзбекистон Республикасига муддатсиз фойдаланишга берилади", - деди Россия маданият вазири.

Мединский ўтган асрнинг 50-йилларида ВДНХ ҳудудида муҳташам "Ўзбекистон" павильони барпо этилганини эслатиб ўтди.

"Яқин вақт ичида у ер Москвада сизлар билан учрашадиган жойимизга айланади деб умид қиламан", – деб қўшиб қўйди Мединский.