14:55 / 21.05.2019
7694

Элмира Боситхонова: «Фарминдустрияни бозорга айлантириб қўйдик»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва мавжуд камчиликлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзаро мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда мутахассислар журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб беришди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова фармацевтика бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалаларни санаб ўтди.

«Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг асосий мақсади беморларни даволаш эмас, балки фойда олиш манбаига айланиб қолди. Дорихоналар фаолияти тадбиркорлар даражасида бўлаётгани бизнинг оғриқли нуқтамиздир. Тадбиркорлар фаолиятига эса аралашиб бўлмайди. Вақт ўтиб дорихоналарнинг роли ўзгариб, беморларни даволаш асосий вазифасига айланишига умид қиламиз. Шунингдек, аҳоли тиббий маданияти ҳам долзарб масала ҳисобланади. Дори воситалари махсус рухсатномага эга дорихоналардан харид қилиниши керак, деб кўп таъкидланади. Аммо ҳамма ҳам бунга риоя қилмайди. Дорини кимларнингдир маслаҳатига кўра эмас, фақат шифокор кўрсатмасига биноан қабул қилиш лозим, деган мафкурага ўтишимиз даркор. Тиббий маданиятни ошириш ривожланишнинг энг муҳим босқичи бўлиши керак», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Боситхонова ўз нутқида ўзбек тилида тиббий адабиётларни чиқаришда оқсоқлик қилинаётганини ҳам алоҳида таъкидлади. Бунга сабаб мутахассисларни ўқитишда асосан рус тилидан фойдаланилиши эканини келтириб ўтди.

«Бунинг оқибатида хориждан кириб келаётган дори воситалари йўриқномаси нотўғри таржима қилинишига ва нотўғри қўлланилишига олиб келяпти», дейди у.

Top