Бу йил баҳор фасли серёғин келиши аҳоли учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди. Тинимсиз ёмғир ёғиши натижасида нафақат қишлоқлар, балки айрим шаҳарларда ҳам аҳоли учун муаммоларни юзага келишига сабаб бўлди.
Май ойида ҳам вақти-вақти билан кучли ёмғир ёғиши айрим ҳудудларда муаммолар келтириб чиқаришда давом этмоқда.
Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «Кунчиқар» маҳалласида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли шу мазмундаги мурожаат йўллади.
«Маҳалламиз 2019 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Чаманбоғ кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларимизда 1 май куни таъмирлаш ишлари бошланган эди. Уйларнинг том қисми очиб ташланганди. Таъмирлаш ишлари пайсалга солиниши оқибатида яқинда ёғган кучли ёмғирда хонадонларимиз абгор ва яшаб бўлмас даражага келди. Хонадонлардан сув ўтиб кетди. Натижада аҳоли катта зарар кўрди. Бу зарарни энди ким қоплайди? Муаммоларимизни ким ҳал этади?», – дейилади мурожаатда.
Ёмғирдан жабр кўрган аҳоли бизга яшаб турган хонадонларида юзага келган ҳолат юзасидан суратларни тақдим этди. Маълум бўлишича, том қисми очиқлиги туфайли хонадонлар ичи ва уй йўлакларига сув тўлган. Уй жиҳозларига зарар етган.



Ушбу ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Хуршид Зиятов билан суҳбатлашдик.
«Бу маҳалла жорий йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Шунинг учун кўп қаватли уйларда ҳам таъмирлаш ишлари бошланган эди. Том қисми алмаштириш учун олиб ташланган эди. Аммо қайта таъмирлаб, ёпгунга қадар кучли ёмғирлар ёғди. Шу туфайли бу ҳолат юзага келди. Ёмғирдан кейин ишлар тезлаштирилиб, иккита кўп қаватли уйнинг том қисми ёпилди. Қолган кўп қаватли уйларда ҳам ишлар давом этяпти. Ёмғир кутилмаганда бўлди ва бу табиий ҳодиса. Шунинг учун етказилган зарар қопланиши ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин», – дейди Зиятов.


Аҳолининг таъкидлашича, бу уйлар 1960 йилда қурилган. Шунинг учун ҳам жуда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Том қисми таъмирланганидан ташқари, уйлардаги бошқа мавжуд муаммоларни ҳам ҳал этиш лозим. Жумладан, канализация тизими талаб даражасида эмас. Фуқаролар бу каби эски кўп қаватли уйлардан воз кечиб, ўрнига янги, замонавий уйлар қуриш афзаллигини билдиришмоқда.


















