Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳрининг меъморий қиёфасини сақлаш, шаҳарсозлик нормаларига риоя этилишини таъминлаш ва ноқонуний қурилишларга чек қўйиш мақсадида «Ноқонуний қурилиш» махсус Telegram-боти ишга туширилди.

Маълум қилинишича, @noqonuniy_qurilish_bot орқали фуқаролар пойтахт ҳудудидаги ноқонуний қурилишлар ҳақида тезкор маълумот юбориш имкониятига эга бўлади.

Хусусан, кўп қаватли уйлар атрофида, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, яшил ҳудудлар ёки бошқа жамоат жойларида ноқонуний қурилиш объектларига гувоҳ бўлган фуқаролардан махсус бот орқали хабар бериш сўралган.

Бош прокуратура пойтахт аҳолисини ўз уйи ва маҳалласидаги ҳолатларга бефарқ бўлмасликка ҳамда ноқонуний қурилишларни аниқлаш бўйича жамоатчилик назоратида фаол иштирок этишга чақирди.