Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунда кўрсатилишича, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш;
  • локал тармоқни (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғини) яратиш;
  • локал тармоқ (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғи) орқали етказиб бериладиган қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр, иссиқлик энергияси ва (ёки) биогазни реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инвестицион, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат томонидан қуйидагича қўллаб-қувватлаш амалга оширилади:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар белгилаш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш;
  • электр энергиясининг ягона харидори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиш учун шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш.

Фойдаланилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.