Ўзбекистон | 03:40 / 23.05.2019
3880
2 дақиқада ўқилади

Олис қишлоқларда тармоқ ишга туширган провайдерларининг фойда солиғи йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади

Фото: Pexels

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 августдан шундай тартиб жорий этилмоқдаки, унга мувофиқ:

а) давлат-хусусий шериклик шартларида олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бюджет ташкилотлари учун телекоммуникация инфратузилмасини яратишни таъминлаган телекоммуникация операторлари ва провайдерларига, мобил алоқа операторларидан ташқари, 10 йил давомида қуйидагилар кафолатланади:

  • уларнинг хизматларидан олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари фойдаланиши;
  • «Ўзбектелеком» АК томонидан Интернет тармоғига кириш хизматини уланиш жойидан қатъи назар ягона тариф бўйича тақдим этилиши;
  • олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари томонидан мазкур ташкилотларга, шунингдек, ушбу ҳудуддаги аҳоли ва бошқа юридик шахсларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган телекоммуникация воситаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмаларни беғараз асосда тақдим этиш;

б) телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиқ солинадиган база олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини яратишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотларига, улар телекоммуникация тармоқларига уланганидан сўнг, уларнинг буюртмалари бўйича телекоммуникация хизматларидан фойдаланишлари учун зарур маблағларни ажратади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид