Жамият | 02:02 / 27.05.2019
13220
2 дақиқада ўқилади

Ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билиш – мусулмоннинг зийнати, улуғлигидир

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Жаннат йўли”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиробод” масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: mover.uz (tas-IX)

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а) ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир киши келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ! Агар фарз бўлган намозларни адо этсам, Рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол деб билиб, ҳаромни ҳаром десам. Ва бу нарсага бирор нарсани зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?”. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, кирасан”, дедилар. 

Имом Муслим ривояти.

Азизлар! “Ҳаромни ҳаром деб билсам”, дегани уларни қилишдан сақлансам, деб тушунса бўларкан. Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳаром деб билса, бу иймон тақозоси. Зотан ҳаром бўлган нарсани ҳалол дейишлик иймонга зарар етказади, ундан ажралади, ҳаттоки аёлига талоқ тушади. Бу кишининг сўраган сўровида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг сўнгидаги жавоблари жуда буюкдир.

Яъни, ҳалиги киши тоқати етадиган нарсаларини санади. Буларнинг ичида энг муҳимлари ҳаромни ҳаром деб билишлик, мусулмондан талаб қилинадиган иш ҳисобланади. Зеро, ақида масаласи, эътиқод масаласидир.

“Ҳалолни ҳалол деб билсам”, дегани ҳалоллигига ишониб уларни бажарсам деганидир. Бу маънода, биринчи навбатда, онгимизда луқма тушунчаси келади. Ҳалолни ҳалол деб бажариш, мусулмоннинг зийнати, файзи, даражаси, улуғлиги бўлади. Бошқа дин вакилларининг олдида мусулмонни кўрсатиб турадиган нарса ҳам айнан шу – ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билишликдир.