Германия Федератив Республикаси федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентдаги Гёте институтида бўлди. Ушбу муассаса олдидаги майдонда бунёд этилган Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкали ва боғи очилиш маросимида қатнашди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонда Гёте сиймосига эҳтиром мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янги руҳда давом эттиришга, маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Олий мартабали меҳмон Тошкентдаги Гёте институти фаолияти билан танишди, институтда тил ўрганаётган ёшлар, маданият ва санъат намоёндалари, илмий доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди.

Федерал президент икки ҳамюртимиз – Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси таржимони Мукаррам Каримова ва Марғилон шаҳридан немис тили ўқитувчиси Лидия Осинани “Bundesverdienstkreuz” (“Германия Федератив Республикасига хизмат кўрсатгани учун”) ордени билан мукофотлади.












