Президентнинг қатор қарорларига мувофиқ, Ўзбекистонда газ ўрнига муқобил ёнилғидан фойдаланишга ўтиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бугун, 28 май куни Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхоналарнинг афзалликлари ҳақида тушунча бериш мақсадида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган, помидор етиштиришга ихтисослашган Turon Tomates иссиқхонасига пресс-тур ташкил этилди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Гап шундаки, газ тобора юқори қийматли табиий ресурсга айланмоқда ва ундан ёнилғи сифатида фойдаланиш ҳам вақт ўтган сари қимматлашиб бормоқда. Кўмирдан фойдаланишга ўтиш эса маҳсулот таннархининг ошиб кетиш хавфини сезиларли даражада пасайтиради, зеро кўмир газга нисбатан арзонроқ ёнилғи тури ҳисобланади.

Соҳада 40 йиллик тажрибага эга "Энергогаз" корхонаси раҳбари Жамшид Якубов иссиқхонани иситишга кўмак берувчи қозон ва унинг кўмирда ишлашига алоҳида тўхталиб ўтди:

"Бу кўмирда ишловчи, сувни иситишга мўлжалланган қозон бўлиб, унда асосан четдан олиб келинган кўмир ёқилади. Бизда асосан Ангренда қўнғир кўмир ва Сурхондарёда тошкўмир бор. Ангрендаги қўнғир кўмирнинг иссиқлик бериш қобилияти бироз пастроқ. Сурхондарёники эса икки баравар кўп. Четдан келтирилаётган кўмирнинг бир тоннаси 50-55 долларга тушмоқда. Нархини солиштирганда ҳам, бизники 1000 сўм бўлса, четдан келтирилгани 600-700 сўмга тушмоқда".

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қозон учун асосан Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирилган кўмир ишлатилади, унинг иссиқлик бериш қобилияти - 5-6 минг килоколориягача. Ушбу тежамқувват қозон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, хусусиятларига кўра хорижнинг шундай қозонларидан қолишмайди.

Олинган маълумотларга кўра, ёқилғи-энергетика ресурсларини 1 гектарга ҳисобга олган ҳолда маҳсулот етиштириш табиий газдан кўра кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган маҳсулотлар 36 фоиз арзонроққа тушиши ёки 90 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад келтириши мумкинлигини кўрсатди.