Жамият | 14:43 / 31.05.2019
9759
3 дақиқада ўқилади

2 ойлик ўғлини 8 минг долларга сотаётган вақтида ушланган аёлга суд ҳукми чиқарилди

Иллюстратив фото

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида сайёр суд бўлиб ўтди. Суд раиси Хуршид Хотамов судланувчи Ш.О.га боласини сотмоқчи бўлганлиги юзасидан ҳукм чиқарди. Ш.О. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбланди.

Маълум бўлишича, 2019 йил 18 март куни фуқаро Ф.М. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожат қилиб, Ш. исмли шахс, Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги уйларда ижарада яшаб келиб, 2019 йил 6 январь куни туғилган ўғил фарзандини сотмоқчи эканлигини баён қилиб, ушбу холат юзасидан қонуний чора кўрилишини сўраган. 

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тезкор тадбирлар натижасида Ш.О. 2019 йил 6 январь куни туғилган ўғил фарзандини 8.000 АҚШ доллари эвазига сотмоқчи эканлиги маълум бўлган.

2019 йил 18 март куни соат 18:00ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТЭҚКББ ва вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ўртачирчиқ тумани, Янгихаёт маҳалласида, Бектемир шоҳ кўчасида жойлашган кафеда, Ш.О. тадбирга “шартли мижоз” тариқасида жалб қилинган З.Р.дан 8.000 АҚШ доллари миқдорида пулларини олиб, ўзининг ўғил фарзандини ва унинг туғилганлик ҳақидаги тиббий ҳужжатини тақдим қилиб, фарзандини сотгани ва бу ҳақда ҳеч қандай эътироз йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб берганидан сўнг, тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ундан 8.000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар далилий ашё тариқасида олинган.

Ш.О. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жазони ижро этиш Тошкент вилояти, Тошкент тумани, ИИБнинг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган гўдаклар уйига топширилган Ш.О. ўғлининг тақдирини ҳал этиш масаласи Янгийўл тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ҳомийлик ва васийлик органи зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид