Ҳар йили Ўзбекистондан минглаб фуқаролар ҳаж сафарига бориб, Ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган ибодатни адо этиб келишмоқда. Давлат раҳбари томонидан бу борада кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, квоталар сони йилдан-йил оширилаётгани билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳаж сафарига рухсат олиши билан боғлиқ баъзи масалаларда ҳамон турли муаммолар учрамоқда.
Шундай муаммолардан бири меҳнат фахрийси, 80 ёшдан ошган Абдукарим Азларходжаев билан рўй бермоқда. У ҳажга боришни ният қилиб, 2014 йилнинг январь ойида ўзи яшайдиган Шайхонтоҳур тумани, «Шайхонтоҳур» маҳалла фуқаролар йиғинига ариза берган эди. У икки йил ўтгач Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига, набирасининг хонадонига кўчиб ўтади.

Доимий яшаш манзили ўзгарган А.Азларходжаев «Шифокорлар» маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилганида, маҳалла раиси «Қоидага кўра, навбатда турган маҳаллангиздан ҳажга борасиз», деб унинг исм-шарифини тегишли рўйхат дафтарига киритмаган.
Шундан сўнг, А.Азларходжаев эски маҳалласига, яъни Шайхонтоҳур тумани «Шайхонтоҳур» МФЙга мурожаат қилганида, маҳалла раиси Ниғмат Раимжонов «Мен сизни қандай ҳажга юбораман, Олмазор туманида рўйхатда турсангиз!», деб гапни қисқа қилган.
Шу йилнинг март ойида «наҳотки бу масаланинг ечими бўлмаса», деб Абдукарим ака билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бордим. Навбатимиз келганида, идора қоровули биздан «Нима гап, нима хоҳлайсизлар?», деб сўради. Дардимизни айтсак, қоровул йигит «ҳаж сафарига бориш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш маҳалла фуқаролар йиғинлари ва маҳаллий ҳокимликларга берилган», деб ушбу идораларга мурожаат қилишимизни тавсия қилди. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Олмазор туман кенгашида эса котиба қизнинг «яхшиси, ариза ёзинглар», деган маслаҳатинигина эшитдик.
Абдукарим Азларходжаев апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Тошкент шаҳар ҳокимига аризалар йўллаган.
Дастлабки жавоб хати Диний қўмитадан келади. Унда таъкидланишича, «Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Маҳалла» жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорликда ҳаж ва умра зиёратларига бориш истагида бўлган фуқаролар рўйхатини холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантиради ҳамда муқаддас ҳаж зиёратини ташкил килишда белгиланган тартибга қатъий амал қилади». Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорининг 4-бандида: «
















