Мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва унинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ётади. Фуқароларининг эркин ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Конституция билан ўрнатилган ушбу кафолатга амалда риоя қилиниши адлия органлари томонидан ўрганилди ва баҳо берилди. Бунда, 100 мингдан ортиқ фуқаролар ўртасида тест синовлари, аноним ва анкета усулида сўровлар ўтказилди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, таҳлиллар жойларда бу борада айрим тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, ходимларнинг иш вақтига риоя этмаслик, ҳақ тўламасдан қўшимча ишга жалб қилиш, иш ҳақини вақтида тўламаслик ёки иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолиш, шунингдек, етарли меҳнат шароитларини таъминламаслик каби салбий ҳолатлар кузатилди.

Шу билан бирга, иш берувчилар томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволини қониқарли даражада эмас. Масалан:

1. Қонунчиликка кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида кунлик – 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланган. Иш вақтидан ташқари ишлашга фақат ходимнинг розилиги билан ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланган ҳолда йўл қўйилади.

Бу каби қоидалар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Иш вақтини ҳафтасига 40 соат давомида қисқартириш тўғрисида”ги Конвенциясида ҳам назарда тутилган.

Бироқ, сўров натижалари айрим иш берувчилар томонидан бу талаблар қўпол равишда бузилганлигини кўрсатди. Масалан, иш вақтига риоя қилмаслик, дам олиш ва байрам кунлари ишга чиқишга мажбурлаш ҳолатлари кўпроқ банк-молия (32,1%), таълим (30,5%) ва соғлиқни сақлаш (28,2%) соҳаларида мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудлар мисолида эса ходимнинг иш вақтидан ортиқ ёки дам олиш ва байрам кунлари қўшимча меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кўпроқ Самарқанд (40,5%), Андижон (34,5%) ҳамда Тошкент вилоятларига (32,9%)тўғри келиши қайд этилди.

2. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ходимнинг розилигисиз унинг вазифасига кирмайдиган ишга жалб этиш тақиқланиши белгиланган.

Бироқ, ходимнинг розилигисиз уни вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари ҳанузгача кузатилаётганлиги ташвишлидир. Бу каби ҳолатлар кўп ҳолларда молия (19,3%) ва хўжалик бошқаруви органларида (19,1%) ҳамда таълим тизимида (16,8%) учрашини кузатиш мумкин.

3. Қонунчилик талабига асосан, ходимнинг иш ҳақидан олиб қолишга унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.