30 май куни Польша ваколатли органлари томонидан 18 майда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг ҳушсиз ҳолда касалхонага жойлаштирилган Ўзбекистон фуқаросининг шахси аниқлангани қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Варшава шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга таяниб, ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ушбу фуқаронинг Лутфуллаев Бахтиёр Эркин ўғли эканлиги Польшага келган отаси томонидан тасдиқланди.
«Айни пайтда мазкур автоҳалокатда вафот этган бошқа ҳамюртимизнинг шахсини аниқлаш учун унинг яқин қариндошларини Польшага келиш масалалари ҳам ҳал қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, у Мамадалиев Шуҳратжон Ваҳобович бўлиши мумкин», дейилади хабарда.
Хабарда элчихона томонидан мазкур вазият назоратга олинган ва Польшанинг ваколатли органлари билан доимий алоқа ўрнатилганлиги қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 18 май куни Польшанинг Шчечин ва Гожув шаҳарлари ўртасида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Матиз» русумидаги автомобиль ёниб кетганди. Оқибатда бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир куйиш жароҳатлари билан ҳушсиз ҳолда Шчечин шаҳри касалхонасига олиб келинган.














