Шанба куни Полшанинг Краков шаҳри тарихий қисмида одамларни ўққа тутган шахс шифохонада вафот этди. Бу ҳақда 9 ноябр тонгида маҳаллий полиция хабар берди.

Ҳужум уюштирган шахс полициячилар билан отишма вақтида оғир жароҳат олганди. У қўлга олиниб, оғир аҳволда шифохонага етказилганди.

TVN24 нашри аниқлик киритишича, у душанбага ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 4:30 да ўзига келмай жон берган.

ОАВда у Полша фуқароси, 24 ёшли Михал О. сифатида келтирилган. 7 ноябр куни у шаҳар марказида автомобилда ҳаракатланиб, кўчадаги ўткинчиларни ўққа тутганди. Ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланган. Уни таъқиб этиб, зарарсизлантирган икки полициячи ҳам жароҳатланганлар орасида. Шифохонадагиларнинг бир нечасининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Қурбонлар ва яраланганлар орасида беш мамлакат фуқаролари бор: Буюк Британия, Австрия, Германия, Россия ва Португалия.

Жиноят мотивлари аниқ эмас. Полша ички ишлар вазири Марчин Кервинский гумондор «ўта радикал» ва «ултрамиллатчи» қарашларга эга бўлганини айтган. Мамлакат бош вазири Доналд Туск ҳодисани теракт деб атаган.

Кейинроқ Михалнинг Краковдан 200 километр масофада жойлашган Островец-Свентокшиски шаҳарчасидаги уйидан уч кишининг жасади топилди. Улар Михалнинг ота-онаси ва синглиси экани аниқланган. Уларга ҳам ўқотар қуролдан жароҳат етказилган.