“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Жаннатга элтувчи амаллар”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix) 

Муоз ибн Жабал (р.а) айтадилар: “Мен Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули. Менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин”, дедим. Пайғамбар алайҳиссалом: “Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг. Бироқ Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир. Аллоҳга бирон бир нарсани шерик келтирмасдан ибодат қиласан. Намозни тўкис адо этасан. Закот берасан. Рамазон рўзасини тутасан ва Байтуллоҳга ҳаж қиласан”, дедилар. 

Сўнг Пайғамбар алайҳиссалом айтдиларки: “Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми? Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек, гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам яхшилик эшикларидандир”. Сўнг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Яъни, тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар”. 

Сўнг айтдиларки: “Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?”. Мен: “Ҳа, Аллоҳнинг Расули”, дедим. У Зот: “Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир”, дедилар. 

“Сенга мана шуларнинг барчасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?”, дедилар. Мен: “Ҳа, Аллоҳнинг Расули, хабар беринг”, дедим. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб: “Мана бунингни тийгин”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?”, дедим. У Зот: “Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан ёки бурунлари билан дўзахга қулатадиган нарса тилларнинг мевалари эмасми?”, дедилар. 

Имом Термизий ривояти.
Мана шу ҳадиснинг шарҳида уламоларимиз, муҳаддисларимиз айтадиларки, ушбу ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам уммат нажот топиши учун қилиши керак бўлган бир неча амалларни санаб, уларни савоб жиҳатидан бир-биридан фарқ қилишини айтиб ўтмоқдалар.