Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти Пешку туманида қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг Бухоро вилояти Пешку туманининг Жонгелди массивида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерлари - саноат зонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.
Норуда фойдали қазилмалар хом-ашёларини кластерлар усулида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйган ҳолда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилади:
цемент хомашёсини, оҳактош, гипс ва бошқа хом-ашёларни қазиб олиш, уларни қайта ишлаш, юқори маркали цемент ишлаб чиқариш ва цементни қайта ишлаш орқали қуруқ қурилиш қоришмалари, замонавий темир-бетон маҳсулотлари ҳамда янги турдаги қурилиш материаллари, шу жумладан газобетон каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
мармар ва гранит конларини ўзлаштириш, замонавий пардозбоп қоплама тошлар ишлаб чиқариш, шу жумладан плитка, мозаикалар, мармар ва гранитдан плиталар ишлаб чиқариш;
графит конини тўлиқ ўрганиш, уни саноат усулида қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, графит электрод, тез зарядланувчи аккумуляторлар учун графит таёқчалар (стержин) ва замонавий электро-техника саноати учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
минерал бўёқлар хом-ашёси – охрани қазиб олишни ташкил этиш, ундан тайёр маҳсулотлар, бўёқлар, минерал тўлдиргичлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
қум-шағал аралашмаси конларни ўзлаштириш, саралаш ва майдалаш қувватларини барпо этиш ҳамда инерт материаллар (қум, шағал)дан тайёр темир-бетон маҳсулотлари, асфальт ва йўл қурилиши материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш.
Пешку қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан “Йўл харита”си ҳамда Пешку тумани ҳудудида қурилиш кластерларини ташкил этишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишга кўмаклашиш бўйича комиссия тасдиқланади.
Қуйидагилар Комиссиянинг (Э.Ғаниев) асосий вазифалари этиб белгиланади:
а) Пешку туманининг Жонгелди массивида ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш имкониятларини ўрганиш ва мавжуд бўлган ҳар бир қурилиш материаллари хом-ашёларини чуқур қайта ишлаш лойиҳалари бўйича алоҳида ҳудудларни белгилаш.
















