Шу кунларда Самарқанд шаҳрида МДҲ давлатларининг миллий тўлов тизимлари ҳамда банк раҳбарларининг учинчи ишчи учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Арманистон Республикаси, Абхазия Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг тўлов тизимлари ҳамда банклари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида “Миллий тўлов тизими” (“Мир” тўлов тизимининг оператори) Бош директори Комлев Владимир Валеревич ва Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) (Uzcard банклараро тўлов тизимининг оператори) Бош директори Махмудов Ахрор Аброрович сўзга чиқди ҳамда иккала давлатнинг тўлов тизимлари инфраструктураси ривожланиши, тўлов хизматларининг сифати ва халқ вакилларига таклиф этилаётган инновацион ечимлар борасида фикр алмашилди.
ЯУПМ Бош директори Аҳрор Маҳмудов учрашув иштирокчилари ўртасида эришилган келишувлар, “Мир” тўлов тизими билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида карта эгаларига тақдим этилиши кўзда тутилаётган имкониятлар ҳамда Uzcard мижозлари учун мақсад-вазифалар ҳақида гапириб ўтди.
“Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга воқеликдир. Ўтган йили Ереванда ўтказилган ишчи сессиямизда МДҲнинг деярли барча тўлов тизимлари вакиллари навбатдаги учрашувни айнан Ўзбекистонда ўтказиш бўйича қарорни катта хайрихоҳлик билан қабул қилдилар. 13 июндан 15 июнга қадар Самарқандда МДҲнинг тўлов тизимлари ва марказий банклари делегацияси муҳокамалар столига ўтириб, бир қатор муҳим келишувларга имзо чекишди. Фикримча, Uzcard миллий тўлов тизими ва Россиянинг “Мир” тўлов тизимлари ўртасида тўсиқсиз трансчегаравий тўловлар бўйича имзоланган келишувни том маънода ҳақиқий ютуқ, деса бўлади. Шундай қилиб, 13 июнь куни реал вақт режимида ушбу икки тўлов тизимлари ўртасида синов транзакцияси муваффақиятли тарзда амалга оширилди. “Мир” тўлов тизими вакиллари билан 2019 йилнинг март ойидан буён фаол муҳокамалар олиб бораётган эдик. Йил охирига келиб карта эгалари эски амалиётлардан воз кечган ҳолда, янгича амалиётларни амалга ошириш, товарлар харид қилиш ва бутун МДҲ ҳудудида иккила тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда хизматлардан фойдаланишлари қувонарли ҳол, албатта. Бу тарихий ҳодиса”.

Аҳрор Маҳмудовнинг қайд этишича, ушбу қарор, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик қобилиятини ўстиришда ва бизнесни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.














