5 октябр куни Марказий банкда банк ва тўлов хизматларидаги комиссияларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Муҳокамада Uzcard ва Humo тарифлари қандай шаклланиши, уларнинг оширилиши банклар ҳамда якуний истеъмолчиларга қандай таъсир қилиши юзасидан баҳс бўлди.

“Манфаат тўлов тизимларида йиғиляпти”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, муҳокаманинг асосий мавзуси истеъмолчилар тўлаётган комиссиялар ва уларнинг ошиш сабаблари бўлиши керак.

У банклар ҳамда тўлов ташкилотлари ўз хизматларидан жуда кам даромад қолаётганини айтаётган бир пайтда, тўлов тизимларининг даромадлилиги ва тариф сиёсатига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

“Бу ерда баъзи бир фикрлар айтилиб кетилди, кам маржинали деб. Ҳеч ҳам кам маржинали деб бўлмайди триллионлаб фойда олиб турган тўлов тизимларининг фаолияти ҳақида.

Миллий банк раҳбарларидан бири жуда яхши фикрни айтди: банкка ҳеч нарса қолмаяпти деярли. Тўлов ташкилотларига ҳам ҳеч нарса қолаётгани йўқ. Охирги бир ярим, икки йилни ҳисобга оладиган бўлсак, бутун манфаатдорлик ва бенефициарлик тўлов тизимларининг чўнтагида йиғиляпти. Биз мана шу масалани муҳокама қилишимиз керак. Регуляторимиздан сўрайдиган асосий масала ҳам регуляциянинг радарини шу тарафга қаратишдан иборат бўлиши керак”, — деди Бакиров.

Иқтисодчи тўловлар бозори ва айланмалар кенгайиб бораётганини ҳам тарифларни баҳолашда ҳисобга олиш кераклигини билдирди. Унга кўра, операциялар ҳажмининг ўсиши фонида фақат харажатлар ошаётганини келтириш билан чекланиб бўлмайди.

Бакиров Марказий банкдан комиссияларни маъмурий йўл билан белгилашни сўрамаётганини алоҳида қайд этди. У регулятор рақобатни кучайтириш ва бозордаги рағбатларни ўзгартириш орқали операторларга таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди.

“Мен ҳам худди сиз сингари Марказий банк тарифларни белгилаб бериши тарафдори эмасман. Лекин Марказий банк ҳамиша рақобат ва истеъмолчилар тарафида туриши керак.

Шу позицияси учун бозор иштирокчиларига босим кўрсата олиш инструментларига эга. Буюриб эмас, бозордаги рағбатларни ўзгартириш орқали. Шу ҳақда гап кетяпти. Ҳеч ким тарифларни регулятив йўл билан нол қилиб беринглар демаяпти. Мен ҳам суҳбатнинг бошида сўраган нарсам — тўлов тизимларига таъсир кўрсатиш керак деб айтяпман”, — деди у.