Япониянинг Осака шаҳрида G20 саммити ниҳоясига етди. Саммит олдидан аксарият сиёсатчилар унда ҳеч қандай оламшумул келишувлар бўлмаслигини тахмин қилганди. Улар ҳақ бўлиб чиқишди, аммо барибир саммит ўзига хос ёрқин ҳолатлар билан ёдда қоладиган бўлди.
Мазкур саммит “йигирматалик” тарихидаги ўн тўртинчи ва Японияда ташкил этилган биринчи саммит бўлди.
Форум Осака кўрфазидаги Сакисима сунъий оролида бўлиб ўтди.
Саммит воқеаларини 7 мингга яқин журналист ёритиб борди.
Асосий “даҳанаки жанглар” ёпиқ эшиклар ортида ўтгани учун юзлаб журналистлар майда-чуйда тафсилотларгача эътибор қаратишга мажбур бўлишди: имо-ишоралар, нигоҳлар ва ҳаттоки кимнинг нима ичиши ҳам улар эътиборидан четда қолмади.
Масалан, тантанали кечки зиёфат вақтида Россия президенти Путин доимо ёнида олиб юрадиган термосидан қайноқ чой қуйиб ичди, АҚШ президенти Трамп эса муздай кока-кола ичди.
Саммитда глобал иқтисодиёт ва савдо ҳамда замонавий технологиялар ва инновациялар масалалари бўйича йиғилишлар ўтказилди. Йиғилиш якунлари бўйича келишувлар имзоланмади, зеро иштирокчилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар жуда катта эди. Шунинг учун асосий эътибор икки томонлама учрашувларга қаратилди.
Россия-АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин учрашди. Америкаликлар етакчиси бу учрашув аввалида россиялик ҳамкасблар билан музокаралардан аъло натижалар кутаётганини айтиб ўтди.
«Бизда жуда қизиқарли муҳокама бўлади, бу савдо, тижорат, қуролсизланиш масалалари, шунингдек, протекционизмни ўз ичига олади… Ва буларнинг барчаси ўзаро яхши муносабатлар асосига қурилади. Менимча, бу учрашув натижалари ажойиб бўлади», — деди у.
Суҳбат бир ярим соатдан ортиқ вақт давом этди. Сиёсатчилар Эрон, Украина, Сурия, Венесуэла масалаларини муҳокама қилишди.
Қурол устидан назорат мавзуси кўтарилган вақтда америкаликлар президенти бу музокараларга Хитойни ҳам қўшиш зарурлигини қайд этди.
Учрашув бошида Дональд Трамп табассум билан Путиндан Америкадаги сайловларга аралашмасликни сўради.



















