Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий дунё кино саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этишди.
Саммитнинг очилиш маросимида маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда кино соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий ҳамда хорижий киноижодкорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, у Туркий дунё кино саноати вакилларини Ўзбекистонда филм суратга олишга таклиф этиб, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма кинолойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини ўртага ташлади.
Анжуманда туркий давлатлар ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳалар учун истиқболли имкониятлар муҳокама қилинди.
Саммит доирасида ўзбекистонлик киноижодкорлар Истанбул кино музейига ташриф буюришди. Неоклассик услубдаги мазкур музей бир вақтлар Истанбулдаги биринчи кинотеатр сифатида фаолият кўрсатган.
Ташриф давомида ўзбекистонлик киноижодкорлар турк кино санъатининг шаклланиш тарихи, тараққиёт босқичлари ва бугунги ютуқлари билан танишди. Музей экспозициялари орқали миллий кино меросини сақлаш, тизимли намойиш этиш ва кенг тарғиб қилиш борасидаги Туркия тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг бир қатор машҳур кинопавилионлари, хусусан, «Ҳейсем» киношаҳарчаси билан танишди.
Қўрқут Ота Турк дунёси кинофестивалида танлов дастуридан ўрин олган режиссёр Сарвар Каримов томонидан суратга олинган «Фарз» бадиий филмининг махсус намойиши бўлиб ўтди.
Ижодкорлар Туркиядаги Истанбулкент университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ҳам ўтказишди. Суҳбат давомида университетнинг кино йўналишида таҳсил олаётган талабалари билан келгусида миллий кино лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш, уларнинг иқтидори ва билимларини ўзбек киноси ривожига йўналтириш ҳақида келишиб олинди.









