Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит хизмати томонидан 2018 йилда Тошкент шаҳри ва республика вилоятларида мактабгача таълим ташкилотларига (МТТ) тегишли йўлланмасиз қатнаётган 1059 нафар болалар аниқланди.

Вазирлик хабарида айтилишича, 2019 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 373 нафар болаларни, шу жумладан 3 ёшга тўлмаган тарбияланувчиларни ташкил этди.
“Мактабгача таълим вазирлиги МТТга ғайриқонуний равишда қатнаш ҳолатлари жойлар етишмаслиги сабабли юзага келаётганлигини тушунади. Биз янги МТТларни очиш ва мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш масаласи юзасидан фаол иш олиб бормоқдамиз. Биз ушбу масала тўлиқ ҳал этилгунга қадар ота-оналардан фарзандлари хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишини сўраб қоламиз. Бунда шуни ёдда тутишингиз керакки, МТТ маъмурияти ва педагоглари расмийлаштирилмаган тарбияланувчилар учун жавобгар бўлмайди. Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари қиш мавсумида уларни совуқ заллар ва омборхоналарда, ҳовлидаги шийпончаларда учратган. Баъзан болаларда ҳатто устки иссиқ кийим бўлмаган, чунки уларни гуруҳлардан шошилинч равишда чиқаришган. Амалиётимизда шундай ҳолатлар бўлганки, ҳисобга олинмаган тарбияланувчиларни қуриб битказилмаган биноларда яширишган. Болалар МТТларга тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ҳолда қатнаётганда қандай хавф-хатар остида қолиши ва қандай стресс ҳолатларини ўтказишини англаётгандирсиз”, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.
Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 58-сонли МТТда текшириш ўтказилганда, 60 нафар болалар Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари томонидан МТТ яқинида қурилаётган бино ҳудудида аниқланди.

МТТларга ғайриқонуний равишда қатнаш бошқа тарбияланувчилар шароитларига ҳам салбий таъсир этади.
“Ошхона ходимлари озиқ-овқат маҳсулотларини гуруҳлардаги расмий тарбияланувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда оладилар. Белгиланган нормаларга мувофиқ, ҳар бир болага муайян миқдорда гўшт, ёрмалар, сут ва бошқа маҳсулотлар ажратилади. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари 30 нафар тарбияланувчиларга ажратилади, тайёр овқат эса 35 та порцияга бўлинади. Натижада гуруҳдаги барча болаларга белгиланганидан кам ҳажмда ривожланиш учун зарур бўлган озуқа моддалари берилади. Албатта, озиқ-овқат сифатига озиқ-овқат маҳсулотларининг ўғирланиши ҳам таъсир этади, бироқ, хабарингиз борки, Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим тизимидаги ноинсоф ходимларига қарши фаол курашмоқда”, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.

















