Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Қурол тўғрисида» ги қонун маъқулланган эди. Мазкур ҳужжат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев ўз муносабатини билдирди. У Kun.uz'га берган интервьюсида қонун моҳиятини тушунтириб, баҳсли саволларга жавоб берди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
— «Қурол тўғрисида» ги қонун Cенат томонидан маъқуллангунга қадар Ўзбекистонда қурол деганда қандай тушунча англашилган ва айни ҳолатда қурол деганда нимани тушунамиз?
— Мана шу масала, шу «Қурол тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан маъқулланганидан кейин, жуда кўп тушунмовчиликка олиб келяпти. Ўзимга ҳам аҳолимиздан юзлаб мурожаатлар бўлаяпти. «Мана энди бориб, дўкондан қуролни сотиб олиб, юрса бўлади», деган нотўғри тушунчалар кетди.
Аввало, қурол деганимизда биз уч хил қуролни биламиз. Биринчи қурол — ҳарбий масалалар учун ишлатиладиган восита. У давлат раҳбарининг қарорлари билан тартибга солинган. Иккинчи қурол бу хизмат қуролидир. Хизмат қуролини ички ишлар органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қоровул хизмати органлари ишлатади. Қонунда мана шу ҳам кўрсатиб ўтилган. Учинчи қурол эса, мана шу аҳоли ўртасида шов-шув бўлаётган масала, бу фуқаро қуроли.
Фуқаро учун аслини олганда, агар биз шу ўқотар қуролларни оладиган бўлсак, бу овчиларни ов қилиш қуроли бўлиши мумкин. Биласизлар, овчилар бундан юз йил олдин ҳам, минг йил олдин ҳам, ўн йил олдин ҳам бўлган. Уларда қурол ҳам бўлган. Бу тизим асосан ички ишлар органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзини қонун қоидалари билан тартибга солиб келинган. Тартиб кучли бўлган, лекин қонунбузарликка ҳам йўл қўйилган.
Энди мана фуқаро қуроли нима деганда, овчиларнинг қуролини тушуниш лозим. Ўзбекистонда 39 мингга яқин овчи бор. Бугунги кунда шунга яқин ва уларнинг қўлида 53 мингта қурол бор. Мана шу қуролларнинг эгаси бўлиши учун дуч келган инсон дўкондан қурол сотиб олмайди. Биринчидан ҳамма вилоятда ҳам қурол сотадиган марказлар йўқ. Тошкент ё Самарқанд каби йирик аҳоли яшаётган вилоятларда фаолият олиб бораётган қурол дўконларига ҳам қанча қурол олиб кириш мумкин, қанақа қурол олиб кириш мумкин, қанақа тартибда сотиш мумкин, деган масалалари пухта кўриб чиқилган.


















