Euronews нашрининг хабар беришича, Франция Украинага ажратилган кредит маблағлари имкон қадар Европа мудофаа саноати буюртмаларига йўналтирилишини истамоқда.
Европа Иттифоқи томонидан Киев учун маъқулланган 90 млрд евролик кредит, жумладан, Украинанинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш ва қурол-яроғ харидларини молиялаштиришга мўлжалланган.
Кредит шартларига кўра, мудофаа маҳсулотларини харид қилиш учун ажратилган маблағларнинг камида 65 фоизи европалик етказиб берувчилар маҳсулотларига сарфланиши керак.
Бироқ Украина учун истисно механизми ҳам назарда тутилган. Агар ЕИда ишлаб чиқарилган қурол жуда қиммат бўлса, Украина эҳтиёжларига жавоб бермаса ёки зарур миқдордаги маҳсулотни белгиланган муддатда етказиб бериш имкони бўлмаса, Киев учинчи давлатлардаги ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилиши мумкин.
Украина ҳукумати бу имкониятдан ҳозиргача камида икки ҳолатда фойдаланган. Биринчиси — Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратлари учун компонентларни харид қилиш, иккинчиси эса АҚШда ишлаб чиқариладиган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар сотиб олиш билан боғлиқ.
Европа комиссияси ҳозирги шароитда ЕИ ушбу йўналишларда Украинанинг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай олмаслигини тан олган ва ҳар икки ҳолатда ҳам учинчи давлатлардан харид қилишга рухсат берган.
Франция эса бундай истиснолар доимий амалиётга айланиб қолишини истамаяпти. Париж Европа комиссияси томонидан бериладиган бундай рухсатлар вақтинчалик бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Франция Patriot ўрнига SAMP-Tʼни таклиф қилмоқда
Франция Европадаги энг йирик мудофаа саноатларидан бирига эга. Мамлакат Италия билан ҳамкорликда SAMP-T зенит-ракета мажмуасини ишлаб чиқаради. MAMBA номи билан ҳам танилган ушбу тизим АҚШнинг Patriot мажмуасига энг яқин Европа муқобилларидан бири ҳисобланади.
SAMP-T ҳам баллистик ракеталарни уриб тушириш имкониятига эга. Украина учун бундай тизимлар ва уларга мўлжалланган ракеталар таъминоти айниқса муҳим бўлиб қолмоқда.
Бироқ Европа ҳозирча SAMP-T тизимларини Украина талаб қилаётган ҳажмда ишлаб чиқара олмаяпти. Reuters аввалроқ мажмуалар нисбатан кам миқдорда ишлаб чиқарилаётгани сабабли мавжуд таклиф Киев эҳтиёжини қондира олмаслигини хабар қилган.









